Россиядаги мигрантларни ва маҳкумларни Украина урушига ёллаш билан шуғулланган “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожин 29 август куни Санкт-Петербургдаги Порохов қабристонига дафн этилди. Бу ҳақда тадбиркорнинг матбуот хизмати хабар берди.
Дафн маросими Москва вақти билан соат 16 да қариндошлар хоҳишига асосан бегона одамлар иштирокисиз ўтказилди. Маросимда қариндошлардан ташқари марҳумнинг энг яқин дўстларигина қатнашди. Аввалроқ Пригожин Серафимов қабристонида кўмилиши мумкинлиги тахмин қилинган эди. Мазкур қабристонда Россия президентининг отаси ва онаси ҳам дафн этилган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Владимир Путин Пригожиннинг дафн маросимида иштирок этмаслиги ҳақида билдирган эди.
Жорий йилнинг 23 августида Тверь вилоятида “Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин томонидан фойдаланиб келинган хусусий учоқ қулаган. Расмий баёнотларга кўра, учоқ ичидаги Пригожин ва вагнерчиларнинг бир неча командири дохил ўн кишининг ҳаммаси ҳалок бўлган. Учоқ қулашига нима сабаб бўлгани ҳалигача расман очиқланган эмас.