“Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожинга тегишли учоқ қулаган ҳудудда ўн кишининг жасади топилди. Уларнинг барчаси учоқ бортида бўлган шахслардир. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди. Хабарда учоқ ҳалокатга учраган ҳудудда қидирув ишлари ниҳоясига етгани маълум қилинди.
“Росавиация” аввалроқ Тверь вилоятида қулаб тушган хусусий учоқда Евгений Пригожин доҳил яна 9 киши бўлганини тасдиқлаган эди. Рўйхатда Евгений Пригожин, Дмитрий Уткин, Сергей Пропустин, Евгений Макарян, Александр Тотмин, Валерий Чекалов ва Николай Матюсеев исмлари қайд этилган.
Шунингдек, учоқ экипажи Алексей Левшин, Рустам Каримов ва Кристина Распоповадан иборат бўлган.
Учоқ ҳалокатга учраган жойда экспертлар ва терговчилар ўз ишини давом эттирмоқда.
"Ал Жазира” “Вагнер”даги манбасига таянган ҳолда, жасадлардан бирининг олдидан Евгений Пригожинга тегишли телефон топилганини, аммо ҳозирча жасад шахси аниқланмаганини билдирди. Бу маълумот бошқа манбалар томонидан ҳозирча тасдиғини топмади.
23 август куни кечқурун Тверь вилоятининг Куженкино аҳоли пункти яқинида Москва-Санкт Петербург парвозини амалга ошираётган Embraer Legacy хусусий учоғи қулаб тушгани тўғрисида расман билдирилган эди.
Учоқ нима сабабдан ҳалокатга учрагани борасида расмий изоҳ йўқ. Ҳодиса юзасидан тергов бошлангани хабар қилинмоқда. Жиноят иши Россия ЖКнинг "ҳаво транспорти ҳаракати ва эксплуатацияси хавфсизлик қоидаларининг бузилиши" банди бўйича очилган.