“Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожин ўз ширкатига янги одамларни ёллаш тўхтатилганини тасдиқлади.
Grey Zonе телеграм-канали орқали ёйинланган баёнотда Пригожин шахсий таркибда одам етишмаслиги ҳис этилмаётгани ва янги одамларни ёллаш режаланмаётганини билдирган. Бироқ у бу жараён тикланиши мумкинлигини истисно этмаган.
Пригожинга кўра, ҳозирги пайтда ХҲШ ўз фаолиятини фақат Африкада ва Беларусдаги тайёрлов марказларида давом эттирмоқда.
Аввалроқ “Вангер”га одам ёллаш бўйича эълон бериб борилган телеграм-каналлардан бири ХҲШнинг ҳудудий ёллов марказлари номаълум муддатга ўз ишини тўхтатиши хусусида маълумот тарқатган эди. У ерда янги одамларни ёллашга эҳтиёж йўқлиги билдирилган.
Жорий йилнинг 23-24 июнь куни вагнерчилар томонидан уюштирилган исён уринишидан кейин ХҲШга жангчи ёллаш пунктлари ёпила бошлаган. Россия шаҳарларидаги кўчалардан ХҲШга одам ёллаш эълони ёзилган билбордлар олиб ташлана бошлаган.
Июль ойи бошида “Вагнер” ХҲШга алоқадор телеграм-каналлар Украинадаги урушда “вақтинча иштирок этилмаётгани” ва ширкат Беларусга кўчиб ўтаётгани туфайли жангчиларни ёллаш бир ойга тўхтатилиши ҳақида хабар беришган. Бироқ, Россия шаҳарларидаги ёллов марказларига қўнғироқ қилиб, вазиятни ўрганган Би-Би-Си рус хизматига кўра, исён уринишидан бир ҳафта ўтгач, одам ёллаш фаолияти давом этган.
23–24 июнь кунлари ўнлаб минг ёлланма жангчиси ва оғир техникага эга бўлган “Вагнер” ХҲШ Пригожин бошчилигида ҳарбий раҳбариятни истеъфога кетказиш талаби билан Ростов ва Москвага ҳарбий юриш қилган. Россия расмийлари бу хатти-ҳаракатларни исён ўлароқ таснифлашган. Колонналар ҳаракати Беларуснинг авторитар лидери Александр Лукашенко иштирокида музокаралар ўтказилгани ортидан тўхтатилган. Ўшанда исёнда иштирок этганларнинг ҳеч қайсиси жазоланмаслиги, “Вагнер” ХҲШ эса Беларусга кўчиши эълон қилинган эди.