Россиядаги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати асосчиси, президент Владимир Путинга яқин деб кўрилган петербурглик тадбиркор Евгений Пригожин ХҲШ сафига қамоқхоналардан маҳкум ёллаш ишлари тўхтатилганини иддао қилиб чиқди.
““Вагнер” ХҲШ сафига маҳкумларни олиш тўлалигича тўхтатилган. Ҳозирги кунда бизда ишлаётган маҳкумлар олдида эса барча мажбуриятлар бажарилмоқда”, дея иқтибос келтирилган Пригожин сўзларидан тадбиркорга қарашли “Конкорд” ширкати Telegram-каналида.
Аввалроқ “Медиазона” нашри 2022 йил охирида Пригожиннинг ходимлари ўз сафига жангчи ёллаш учун қамоқхоналарни такроран айлана бошлагани, аммо бу сафар маҳкумлар орасида Украинадаги урушга кетиш истагини билдираётганлар бир неча бор оз бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
“Вагнер” ХҲШ вакиллари Украина урушига одам ёллаш учун Россия қамоқхоналарини айланиб юргани, урушга ёлланганлар орасида россияликлардан ташқари Ўзбекистон фуқаролари дохил кўплаб хорижлик маҳкумлар борлиги ҳақида Озодлик аввалроқ бир неча марта хабар қилган.
Жорий йилнинг январь ойи охирида АҚШ "Вагнер" хусусий ҳарбий ширкатини трансмиллий жиноий ташкилот деб эълон қилган эди.
Россиядаги норасмий ҳарбий хусусий ширкат бўлган “Вагнер” гуруҳи Сурия, Африка ўлкалари ва Украинадаги урушларда қатор ҳарбий жиноятларни амалга оширганликда гумонлаб келинади.
Уруш шароитида Озодликда Пригожиннинг “Вагнер” ХҲШ қамоқхоналардан жангчи ёллашни бас қилганига оид иддаолари рост ёки ёлғон эканини тезкорлик билан текширишга имкон йўқ.