“Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати раҳбари Евгений Пригожин пуллари ҳисобига 2019 йилдан буён ишлаб келаётган “ЯRUS” ижтимоий тармоғи ўз фаолиятини тўхтатишини очиқлади.
Ижтимоий тармоқ маъмурияти томонидан тарқатилган хабарномада бунга “сиёсий вазиятнинг беқарорлиги” сабаб бўлгани, шу туфайли лойиҳага молиявий дастак кесилгани айтилган. “Биз янги инвестор қидиряпмиз”, дейилган хабарномада.
The Insider нашрига кўра, “ЯRUS” лойиҳаси Instagram ва TikTok ижтимоий тармоқларининг “ватанпарварона муқобили” бўлиши хаёл этилганди. 2021 йили Пригожин мазкур лойиҳага ойига 30 миллион рублдан 40 миллион рублгача маблағ ётқизиб турган. Шунга қарамай, ижтимоий тармоқ оммалашиб кетмаган – унда ҳақиқий фойдаланувчилар қарийб бўлмаган, контент эса бошқа платформалардан кўчириб турилган.
Аввалроқ Роскомнадзор Пригожинга тегишли бўлган бир неча ОАВни, шу жумладан тадбиркорнинг асосий медиаресурси бўлган “РИА ФАН”ни блокировка қилиб қўйган. Пригожинга қарашли ширкатлар ходимлари The Bell нашрига яқин орада соҳиблари алмашиши кутилаётганини айтишган.
“Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожиннинг ўзи ўтган ҳафтада Россияда бошлатилиб, давом эттиришдан воз кечилган исён ортидан Беларусга кетгани айтилмоқда.