Ёзувчи, рус ОАВлари томонидан «жамоат арбоби» сифатида тилга олинадиган Захар Прилепин “Россия сегодня” марказида 20 декабрда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатишни таклиф қилди.
"Мен самимий айтяпман, гастарбайтерлар келаётган мамлакатларни қўшиб олишимиз керак ва уларга ўша ернинг ўзида, бу ерда эмас, ўша ёқда рус тилини ўргатишимиз керак, масалан, Ўзбекистонда”,- деди Прилепин. Унинг бу сўзи залда ўтирганлар томонидан қарсаклар билан кутиб олинди.
У сўзида давом этар экан: “Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқининг тарқалиши масаласини кўтарамиз ва бизда исталган пайтда: “Бизнинг икки миллион фуқаромиз сизнинг ҳудудингизда яшаяпти, биз сизнинг ҳудудингизга даҳл қиламиз. Чунки кўпчилик шу ерда яшаяпти ва улар бунга овоз беришган”, деб айтиш ҳуқуқи пайдо бўлади”,- деди.
Унга кўра, Россия Украина устидан ғалаба қозониб, Киевда парад ўтказганидан сўнг ҳеч ким Москвани собиқ СССР давлатларини ўз таркибига қўшиб олишига қаршилик кўрсата олмайди.
Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати расмийлари Прилепиннинг бу баёнотига муносабат билдирмади.
Захар Прилепин ЕИ санкциялари рўйхатига киритилган шахслардан биридир. У сепаратчилар "Донецк халқ республикаси" деб атаб олган тан олинмаган ҳудуднинг жангарилари қўмондони бўлган.