Сурхон боғчаларидаги фаҳшдан сўнг Ўзбекистон бўйлаб боғчалар оммавий тафтиш қилинмоқда

Cурхондарёда 23 та болалар боғчасида кундузи болалар жисмоний жазоланадиган, тунда эса фоҳишахона ташкил қилингани ҳолатлари аниқлангач¸ Ўзбекистон бўйлаб барча боғчаларда махсус текширув ва рейдлар ўтказилмоқда. Ҳозирда мамлакатдаги ҳар бир боғчага ҳокимликдан махсус вакил назоратчи ўлароқ тайинланган.

Текширувга барча идоралар жалб қилинган

Ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлардан иборат 5-6 та махсус гуруҳ бир пайтнинг ўзида алоҳида-алоҳида равишда мамлакат боғчаларини тафтиш қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигидаги маъсул ходимнинг айтишича, Сурхондарёдаги боғчаларда фоҳишахона ташкил қилингани воқеаси барча идораларни “оёққа турғизган”.

“Прокуратура идоралари боғчалардаги жиноятчилик ҳолатларини ўрганмоқда. Ички ишлар ходимларидан иборат махсус гуруҳ ҳам ўз текширувини олиб бораяпти. Ҳокимлик ҳам ўз гуруҳларини боғчаларга жўнатган. Халқ таълими бўлимлари боғча ходимларининг дипломларини текшираяпти. Меҳнат биржалари эса боғча мудиралари қариндош-уруғчиликка йўл қўйганми-йўқми, шуни ўрганаяпти. Бу идоралар ўз текширувларини бир-биридан мустақил равишда алоҳида ўтказмоқда. Бунга қўшимча ҳуқуқ-тартибот идоралари рейдлар ҳам ўтказаяпти”, деди Халқ таълими вазирлиги масъули.

Ишдан бўшатишлар авжида

Вазирлик масъулига кўра, текширувлар бошланганига 2-3 кун бўлганига қарамай, баъзи вилоятларда мутасадди ходимлар ишдан олинган.

“Ҳали текширувлар якунланмагани учун аниқ рақам айтиш қийин. Шу 5-6 та вилоятда Халқ таълими бошқармаларидаги боғчалар учун масъул шахслар ишдан бўшатилди. Масалан, Самарқандда ўтказилган текширувларда аниқланган қонунбузилишлар натижасида вилоят Халқ таълими бошқармаси методисти Мамлакат Равшанова ва услубчи Дилфуза Азизова ишдан олинди”, деди вазирлик маъсули.

Масъул маълумотига кўра, ҳозирча ўтказилаётган текширувларда Сурхондарёдан ташқари бошқа вилоятлар боғчаларида тунги фоҳишахоналар ташкил қилиш ҳолатлари аниқланмаган.

Ҳокимликлар боғчаларни назоратга олди

Мамлакат бўйлаб ўтказилаётган боғчалар текшируви маҳаллий ҳокимликлар назоратида ўтмоқда.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Қашқадарё вилоят ҳокимлиги мулозимига кўра, боғчалар билан боғлиқ вазият ҳокимликнинг долзарб масалаларидан бирига айланган.

“Қўшнимиз Сурхондарёдаги боғчаларда фоҳишахона ташкил қилингани ҳақидаги хабардан сўнг ишчи гуруҳлар ташкил қилинди. Вилоят ҳокими ўринбосарлари ва туман ҳокимликлари ўринбосарлари боғчалардаги вазият учун жавобгар тайинланди. Боғчаларга ҳокимликлардан вакил тайинланди. Шу вакил боғчада бирор нохушлик содир этилмаслигини назорат қилади”, деди Қашқадарё вилоят ҳокимлиги мулозими.

Сурхон боғчаларини текшириш давом этмоқда

Сурхондарёда ҳам боғчаларни комплекс текшириш жараёни давом этмоқда.

Вилоятда мавжуд 290 та боғчадан ҳозирча 100 га яқини тафтиш қилинган ва уларнинг 23 тасида тунги фоҳишахона борлиги аниқланган.

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ходимига кўра, тунги фоҳишахонаси бор боғчалар сони яна ошиш хавфи йўқ эмас.

“Ҳали текширувлар якунланмади. Притон-боғчалар сони ҳам ҳозирча номаълум. Лекин жиддий текширув кетаяпти. Рейдлар давом этаяпти. Балки яна притон-боғчалар топилар, буни текширув натижалари эълон қилинганда биламиз энди. Яқинда Тошкентдан ҳам махсус гуруҳ келиб, боғчаларни текшириб кетди", деди ҳокимлик ходими.

Сурхондарё мулозимларидан олинган маълумотга кўра, боғчалардаги текширувлар ортидан 17 та боғча мудираси, яна ўнга яқин мулозим ишдан олинган. Шунингдек, Сурхондарё маҳкамаси жами беш кишини боғчани фоҳишахонага айлантириш айби билан озодликдан маҳрум қилган.

Тармоқни ларзага солган “притон боғча” видеоси

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги болалар боғчаларида тунги пайтларда қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш фаолияти юритганлик ҳолатлари акс этган висдеотасвир муҳокама қилинмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Боғча: Кундузи қийноқхона, кечаси ишратхона

Бу видеолавҳа ўтган йилнинг ноябрида Сурхондарëдаги боғчаларда олиб борилган ИИБ тадбирлари материалларига асосланган.

Видеолавҳада Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги боғчаларнинг кечқурунлари фоҳишахонага айлангани акс этган.

Унда¸ хусусан¸ боғча қоровуллари болалар дам оладиган хонани пул эвазига жинсий хизмат кўрсатадиган аëлларга бергани ҳам кўрсатилади.