Фарғонада қиморга ютқазган профилактика инспектори ўзини отиб қўйди

Иллюстратив сурат.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида қиморга 45 миллион сўм бой берган профилактика инспектори ўзини отиб қўйди.

“Аниқланишича, ходим, ижтимоий тармоқларнинг "1xbet" иловасидан фойдаланиб, жорий йилнинг август ойида 45 млн. сўм ютқазганлиги учун, қарздорлик муаммоси ҳал этилиб, интизомий тартибда жазоланган ҳамда вилоят ИИБ қошидаги Интизомий кенгашнинг назоратида бўлган”, - дейилади Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси билдирувида.

Катта лейтенант А.У.нинг чалажон танаси 6 декабрь куни уйидан таҳминан 3 километр узоқликдаги Бесаранг қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона канали ёқасидаги йўлнинг четида, ўзига тегишли бўлган Spark автомобилида топилган.

Дастлабки суриштирувда инспектор ўзига бириктирилган ПМ табел қуроли билан бош қисмидан жароҳатлангани ва кома ҳолатида экани аниқланган. У зудлик билан тиббий муассасага жойлаштирилган.

Вилоят ИИБ маълумот учун қимор ўйинлари борасидаги статистикани ҳам келтирган. “Республика кесимида қимор ўйинлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2019 йилда 1 454 та ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 6 ойида 2 325 тага етган. Ушбу ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та бўлса, 2022 йилнинг 6 ойида 90 тадан ошган», - дейилади билдирувда

Ички ишлар органи ходими ўз жонига қасд қилгани билан боғлиқ хабарлар бундан олдин ҳам тарқатилган. Жумладан, 26 ноябрь куни Хоразм вилояти Янгиариқ туман ИИБ ходими У.Р., ўз жонига қасд қилган. Вилоят прокуратураснинг билдиришича, у туман ИИБ биносида хизмат қуроли орқали ўз жонига қасд қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ИИБ ходимининг ўз жонига қасд қилишига оилавий келишмовчилик оқибатида келиб чиққан руҳий сиқилиш сабаб бўлган.