Профилактика инспектори эри Россияда бўлган аёл билан “дон олишган”

Иллюстратив сурат

Хоразм вилояти Шовот туманидаги Идалиқалъа маҳалласи профилактика инспектори ўзи хизмат олиб борадиган ҳудудда яшовчи бегона аёл билан “дон олишиб” юргани аниқланди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, ИИБ ходими ушбу маҳаллада яшовчи, Россияга пул топгани кетган эркакнинг хотини билан унинг хонадонида учрашиб юрган. У жорий йил 31 январь куни ярим тунда навбатдаги “ташрифи” чоғида эрнинг яқин қариндошлари томонидан ушлаб олинган.

Чақирув бўйича воқеа жойига келган ИИБ масъуллари ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида профилактика инспектори ҳамда гувоҳларни ИИБ биносига олиб кетган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов ушбу ҳолат бўлганини тасдиқлаб, ҳозирда хизмат текшируви ўтказилаётгани, профилактика инспекторини ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи ҳаракатлари учун ИИО сафидан бўшатиш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирган.

Озодлик аввалроқ Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида профилактика нозири хотини, 7 ойлик фарзанди ва ўзини хизмат қуролидан отиб ўлдиргани ҳақида хабар қилганди. Ўшанда ҳодисага рашк сабаб бўлгани айтилганди.