Тошкент шаҳри Олмазор тумани прокуратураси терговчиси катта миқдорда пора олаётган вақтда ушланди.
ЎзА хабарига кўра, пойтахтда гул етиштириш фаолияти билан шуғулланувчи фирманинг муқаддам прокуратура тизимида ишлаган ва судланган юристи савдо соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 184 (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 189-моддалари (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган иш доирасида улардан 30 минг доллар талаб қилган. Юрист Олмазор тумани прокуратураси томонидан тергов олиб борилаётган жиноят иши доирасида гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлламаслик масаласини мазкур туман прокуратураси мансабдорлари орқали ҳал қилишга ваъда берган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда юрист келишилган пулдан 20 минг долларни олган вақтида ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Олмазор тумани прокуратураси терговчиси МЧЖ юристидан 20 минг долларни пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Прокуратура терговчисига нисбатан ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) билан, МЧЖ юристига нисбатан эса 212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
ЎзА Наманган вилояти Чортоқ тумани прокурорининг катта ёрдамчиси ҳам тезкор тадбирда 2400 доллар пора олган вақтида ушлангани ҳақида хабар қилган. Прокурор ёрдамчиси сохтакорликда гумонланаётган шифокорга қонуний чора кўрмаслик эвазига ундан 3000 доллар талаб қилгани айтилмоқда.
Озодлик аввал хабар қилганидек, ўтган йил октябрь ойида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси Ш.Ш. 40 минг доллар миқдорида пора олгач, қочиб кетгани жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Фаоллар ҳуқуқ идоралари ўтказган махсус тезкор тадбирнинг асосий нишони бўлган терговчи қандай қилиб таъқибдан қочиб қутулганини савол остига олганди.