Прокуратурадан тинтувга доир ваколатни олиш таклиф этилди

Шахснинг ёзишма, сўзлашувларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклаш ҳамда уй-жойда тинтув ўтказиш фақат суд қарорига асосан амалга оширилиши керак.

Бу масала Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатда конституциявий қонунийликнинг ҳолатига бағишлаган навбатдаги йиғилишида кўтарилган.

Конституциявий суд қонунчиликни Асосий қонунга мувофиқлаштириш бўйича бошланган ишларни янада жадаллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар берган. Жумладан, шахснинг ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклашни, уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга оид конституциявий қоидалар асосида Жиноят-процессуал кодекси тегишли нормаларини қисқа муддатларда қайта кўриб чиқиш лозимлиги билдирилган.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ, ҳар ким ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа хабарларини сир сақлаш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланиши ва шахснинг уй-жойида тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суд қарорига асосан йўл қўйилиши белгиланган.

Айни пайтда, Жиноят-процессуал кодексининг 382-моддасида тинтув ўтказиш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туришга рухсат бериш прокурор ваколатларига кириши қайд этилган.

Конституциявий суд айни шу ваколатларни прокуратурадан олишга доир лойиҳани қисқа фурсатда парламентга киритишга ундаган.

Фуқаролик жамияти вакиллари Конституциявий суд ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда сиёсий, ҳуқуқий жараёнларда фаол иштирок этиши кераклигини айтиб келади.