Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий иши бўйича 4 май куни бўлиб ўтган маҳкамада сўз олган прокурор судланувчига 11 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.
Танқидий чиқишлари билан танилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 3 та моддаси билан жами 8 та айблов эълон қилинган.
Маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, кечаги судда прокурор блогерга қўйилган айбловлардан учтасини рад этиб, бештаси бўйича айбдор деб топишни сўраган.
Судланувчи ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмагани ва жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаб бермаганини урғулаган прокурор Отабек Сатторий ишида енгиллаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисобланиши лозимлигини билдирган.
Мазкур иш бўйича галдаги маҳкама шу йил 10 майига белгиланган.
Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.
Блогер устидан маҳкама жараёни 11 март куни Музработ туман судида бошланган.
Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.