Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “Док-1 Макс” иши бўйича суд жараёни поёнига етиб бормоқда.
Маҳаллий нашрлар тарқатаётган хабарларга кўра, 12 февралдаги суд мажлисида прокурор музокараси тингланган.
Ўз сўзида прокурор суддан 68 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган расмий дилер — Quramax Medical МЧЖ директори С. Р. П.га 20 йиллик қамоқ жазоси тайинланишини сўраган.
Шунингдек, у Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари С. К. ҳамда унинг икки ўринбосари А. А. ва М. Н.нинг ҳар бирига 18 йиллик қамоқ жазоси сўраган.
Прокурор 68 нафар қурбон, 16 нафар ногирон бола учун жабрланувчиларнинг вакилларига 100 миллион сўмдан товон пули тўлаб беришни талаб қилган. Бундан ташқари, у суддан 2 нафар енгил жароҳат олган болалар учун 20 миллион сўмдан товон пули ундирилишини сўраган. Давлат айбловчиси қайдича, 8 миллиард 440 миллион сўмлик товон пули 8 нафар судланувчи ҳисобидан ундирилиши лозим.
“Док-1 Макс” бўйича жиноят иши судда ўтган йилнинг 11 августидан кўриб чиқила бошлаган. Мазкур иш бўйича 23 киши (18 нафар эркак ва 5 нафар аёл) судланаётгани айтилган.