Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг давлат солиқ инспекцияси бошлиғи 1 гектар ер майдонини бошқа бир фуқарога расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг доллар пора олган вақтда ушланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг 18 ноябрда хабар беришича, солиқчи ўзининг ҳайдовчиси номида бўлган фермер хўжаликнинг 1 гектар ерини бошқа бир фуқарога расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бу иш учун у 15 минг доллар пора сўраган.
Солиқ бошлиғи ДДХнинг Наманган вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир пайтида ушланган.
Бундан олдин – 15 ноябрь куни Жиззах вилояти Янгиобод тумани прокурорининг ўринбосари 8 минг доллар пора олаётган пайтда қўлга тушган эди.
12 ноябрь куни Андижон вилоят прокуратураси ходими 15 минг доллар пора олаётганда қўлга тушганди.
Сентябрь ойида Жиззах вилоятида туман прокурори 2 минг доллар, Самарқанд вилоятида туман прокурори ўринбосари 10 минг доллар пора олаётганда қўлга тушгани хабар қилинган.