Россия президенти Владимир Путин 26-27 май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаковдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
“Ҳозирча бугун-эрта Беларусга, якшанба-душанба кунлари эса Ўзбекистонга сафар қилинишини айтишим мумкин”, дея иқтибос келтирган агентлик Ушаков сўзларидан.
Владимир Путин яқин кунларда Ўзбекистонга келиши кутилаётгани ҳақида Озодлик икки кун муқаддам хабар қилган эди. Ўшанда Кремль матбуот хизмати Россия ва Ўзбекистон президентлари ўртасида 21 май куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида Путиннинг Тошкентга ташрифига ҳозирлик масаласи муҳокама қилинганини қайд этган, бироқ сафар кунига аниқлик киритган эмасди.
Ташриф мавзусига тўхталмаган Ўзбекистон президенти матбуот хизмати эса Путин билан Мирзиёев ўртасидаги телефон мулоқотида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқилгани, олий даражадаги учрашувлар натижасида эришилган келишувлар ижросининг бориши ҳамда бўлажак икки томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилинганига урғу берган.
Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди 2023 йил март ойида Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор кўрилган Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер бергани ортидан Россиянинг амалдаги президенти Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилмаётган эди.
Ўзбекистон Рим статутини ратификация қилган эмас. Бу Ҳаага суди ордер чиқарганидан буён Путиннинг Ўзбекистонга илк сафари бўлади. У Ўзбекистонга сўнгги ор 2022 йил сентябрида — ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун келганди.