Россия президенти Владимир Путин Жо Байденни АҚШдаги президент сайловида қозонган ғалабаси билан табриклади. Бу Байден овоз беришнинг дастлабки натижалари асосида сайлов ғолиби деб эълон қилингани ва дунёдаги кўплаб давлат раҳбарлари томонидан қутланганидан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб амалга ошди.
Путин АҚШнинг сайланган президентига унинг ғалаба қозонгани сайловчилар коллегияси томонидан тасдиқланганидан кейингина табрик телеграммаси йўллади. 14 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Байден учун 306 сайловчи, унинг рақиби – амалдаги президент Дональд Трамп учун эса 232 сайловчи овоз берган.
2016 йилги сайловдан кейин Путин сайловчилар коллегияси қарорини кутмай, умумхалқ сайлови тугаганидан бир неча соат ўтиши биланоқ Трампни табриклаган эди. Ўшанда Трампнинг рақиби Ҳиллари Клинтон унинг ғалабасини тан олганди. Трамп эса сайловда сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилиб, ҳалигача Байденнинг ғалабасини тан олгани йўқ. Аввалроқ Путин Байденни табриклашга ошиқмаётганини АҚШдаги “юридик процедуралар” тугашини кутаётгани билан изоҳлаганди.
Кремль сайтидаги хабарномага кўра, Путин “сайланган президентга ҳар соҳада муваффақият” тилаган ҳамда “глобал хавфсизлик ва барқарорлик учун зиммасида алоҳида масъулият бўлган Россия ва АҚШ, ўзаро ихтилофларга қарамай, ҳозирда дунё дуч келаётган кўплаб хатар ва муаммоларни ҳал қилишга ҳақиқатан ҳам кўмаклашиши мумкин”, дея ишонч билдирган. У АҚШнинг сайланган президенти билан ўзаро алоқа ва ҳамкорликка тайёр эканини қайд этган.
Жо Байден АҚШ вице-президенти лавозимида ишлаган пайтда ва 2020 йилги сайловолди кампанияси чоғида бир неча бор шахсан Путин ва унинг сиёсатини танқид қилган. У ҳозирги Россияни халқаро хавфсизлик учун таҳдидлардан бири, деб атаб, Москванинг Украина ва бошқа қўшни мамлакатларга нисбатан сиёсатини салбий баҳолаган. Айни пайтда у муҳлати кейинги йилнинг февраль ойида тугайдиган Стратегик ҳужум қуролларига оид (СҲҚ-3) шартнома муддатини чўзиш тарафдори эканини билдирган.
Жо Байден 2021 йилнинг 20 январида АҚШнинг 46-президенти ўлароқ қасамёдга келтирилиши кутилмоқда.