Путин бош вазирликка яна Мишустин номзодини таклиф қилди

Михаил Мишустин

Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига Михаил Мишустинни қайтадан бош вазир этиб тайинлашни таклиф қилди, дея маълум қилди Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин.

Володинга кўра, ҳукумат раҳбарини тайинлаш масаласи бўйича мажлис 10 май куни кечроқ ўтказилади – унда Мишустин маъруза қилади, кейин эса овоз бериш жараёни ўтказилади.

Номзодни муҳокама қилиш чоғида президент Путин томонидан демографик сиёсат, одамлар фаровонлигини ошириш, болали оилаларни дастаклаш, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, технологик суверенитетни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ва минтақаларни ривожлантириш, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш бўйича қўйилган вазифалар қандай ҳал қилинишига оид саволларга жавоб олиш муҳим”, дея билдирган Володин.

Михаил Мишустин 2020 йил январидан буён бош вазир лавозимида ишлаб келади.

Россия Федерация кенгаши Путинга Ҳисоб палатаси раҳбари лавозимига уч нафар номзоддан иборат рўйхатни ҳам йўллаган. Рўйхатга сенатор ва Калуга вилояти собиқ губернатори Анатолий Артамонов, Ҳисоб палатаси раҳбари вазифасини бажарувчи Галина Изотова ва Президент назорат бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Борис Ковальчуклар киритилган.

Жорий йилнинг 7 май куни Владимир Путин бешинчи марта Россия президенти лавозимига киришган. Россия қонунчилигига мувофиқ, инаугурациядан кейиноқ ҳукумат истеъфога кетган. Мавжуд тартибга кўра, бош вазир лавозимга тайинланганидан кейин бир ҳафтадан кўп бўлмаган муддат ичида президентга ҳукумат таркибини таклиф қилиши лозим.