Путин “Донбассдаги махсус амалиёт” бошланганини эълон қилди

Донецкдаги кўчалардан бирида турган танк, 2022 йил феврали

Россия президенти Владимир Путин “ДХР” ва “ЛХР” илтимоси ортидан 24 февраль тонгида Донбассда махсус амалиёт ўтказишни бошлаш қарорига келганини эълон қилди. У Украина ерларини ишғол қилиш Россия режасига кирмаслигини урғулаган. Путин украиналик ҳарбийларни қуролини ташлаб, “уйга йўл олиш”га чақирган.

“БМТ уставининг 51-моддасига мувофиқ, Россия Федерация кенгашининг санкцияси билан махсус ҳарбий амалиёт ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилдим… Биз Украинани демилитаризация ва денацификация қилишга уринамиз”, деган Путин “Россия-24” телеканали эфирида. У мазкур масала бўйича “парламентнинг яхлит позицияда бўлиши”га умид қилаётганини қайд этган.

Донбассдаги амалиёт хусусида гапирар экан, Путин “тинч аҳоли вакиллари, шу жумладан Россия Федерацияси фуқароларига қарши кўплаб қонли жиноятларни содир этганларни судга тортишга ҳаракат қиламиз”, деб айтган.

“Россияга тўғридан-тўғри ҳужум қилиш муҳтамал агрессор учун ер билан яксон бўлиш ҳамда аянчли оқибатлар келтиришига ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги лозим”, дея таъкидлаган президент Путин.

Бу орада Мариуполда отишмалар кузатилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Россияпараст айирмачилар Донецкда отишмалар бўлаётгани ҳақида ёзишмоқда. “Новости Донбасса” агентлиги хабарига кўра, “жанговар ҳаракатлар” ҳозирча шаҳар ташқарисида олиб борилмоқда.