Путин фармони ортидан Миграция агентлиги яна ўзбекистонлик мигрантларни огоҳлантирди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги яна Россияда вақтинча ишлаётган ўзбекистонликларни “Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмаслик, зиддиятли ҳудудларга бормаслик ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслик”ка чақирди.

Агентлик, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланган ўзбекистонликлар уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлигини эслатган.

Миграция агентлиги аввал ҳам бир неча бор Россиядаги ўзбекистонликларни Украина урушида қатнашмасликдан огоҳлантирган. Бироқ бу галги огоҳлантирув Россия президенти Владимир Путин 14 ноябрь куни имзолаган фармон билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли катта.

Путин томонидан душанба куни имзоланган фармон хорижлик фуқароларнинг Россия Қуролли кучларида ҳарбий хизмат ўташи учун имконият яратади. Россияда юрган ўзбекистонликларга Украинадаги урушда иштирок учун катта пул ва ҳатто фуқаролик ваъда қилинаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ бир неча бор хабар қилган.