Германияда Netzwerk Recherche (NR) суриштирувчи журналистлар уюшмаси Россия президенти Владимир Путин таржимаи ҳолини ёзган ва бунинг учун Москвадан юз минглаб евро пул олган Хуберт Зайпелни ўз аъзолари сафидан чиқарди.
“Хуберт Зайпель ўз тутуми билан мустақил журналистиканинг асосий қоидаларини бузди ва касбимиз обрў-эътиборига улкан зарар етказди”, деган бирлашма раиси Даниэль Дреппер ZDF телеканалига.
ZDF каналининг Frontal дастури журналистлари Халқаро суриштирувчи журналистлар консорциуми, Spiegel ва Washington Post нашрлари билан биргаликда Зайпелнинг офшор фирма орқали Алексей Мордашовдан пул олганини фош қилишган. ОАВ маълумотларига кўра, Путин ҳақидаги китоб учун Зайпелга камида 600 минг евро тўланган. Бу ҳақда журналист нашриётни ҳам, ўзи ишлаган NDR телерадиоёйин ширкати ҳам хабардор қилган эмас.
Бу айбловлар эълон қилинган ноябрь ойидан кейиноқ Дреппер Зайпелдан бирлашмани тарк этишни талаб қилган, бироқ журналист бу талабни эътиборсиз қолдирган. Шунинг учун ҳам бирлашма Зайпелни фақат ҳозирга келиб – йиллик мажлисда аъзоликдан чиқарган. Зайпель мажлисга келмаган ва бунинг учун шахсий сабаблари борлигини айтган.
Хуберт Зайпель Германиядаги энг таниқли ва Россияни энг яхши билган тележурналистлардан бири бўлиб ҳисобланарди.
Июнь ойи бошида Зайпель Санкт-Петербургдаги иқтисодий форумда иштирок этган. Тахминларга кўра, у ҳалигача Кремль билан алоқаларни узган эмас.