Еттинчи май куни Москвада бўлиб ўтган Владимир Путинни Россия президенти ўлароқ қасамёдга келтириш маросими ортидан ҳукумат истеъфога кетди. Амалдаги вазирлар ҳукуматнинг янги таркиби тайинлангунига қадар вазифасини бажарувчи мақомида ишлаб туришади. Инаугурация маросими ўтиши билан президент маъмуриятининг ҳам ваколатлари ўз-ўзидан тугаган ҳисобланади.
Янги бош вазир номзодини Владимир Путин 7 май куниёқ киритиши мумкин, дея маълум қилган инаугурация олдидан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков. 2018 йили Путин ҳукумат раҳбари номзодини президентлик лавозимига киришганидан бир соат ўтиб киритган эди.
Россия нашрларининг манбалари Путин бош вазирни алмаштирмайди, дея тахмин қилмоқдалар. Уларга кўра, Михаил Мишустин номзоди яқин кунлар ичида — 8 ёки 10 май куни тасдиқланиши мумкин, дея ёзишган “Коммерсантъ” ва “Медуза” нашрлари.