Россия президенти Владимир Путин Остонадаги КХШТ мамлакатлари саммитида янги “Орешник” баллистик ракеталари зарбалари ҳадафи “Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари” бўлиши мумкинлигини билдирган.
Путин Украина ҳаракатлари, хусусан Украина Қуролли кучларининг Брянск ва Курск вилоятларига узоқ манзилли ракеталар билан зарбаларига жавобан Россия ракеталар жанговар синовини давом эттиришини қайд этган. Россия президентига кўра, Бош штаб ва Мудофаа вазирлиги душман ҳудуди бўйлаб “Орешник” билан зарба бериш учун ҳадафлар танлаяпти.
Путин янги ракета юқори даражада ҳимояга эга бўлган ва ўта чуқурликда жойлашган объектларни ҳам йўқ қилишга қодирлигини маълум қилган.
У “Орешник” ракеталари ёппасига қўлланилган тақдирда “зарба кучи ядровий қурол қўллаш билан муқояса этадиган даражада бўлиши”ни айтган. Айни пайтда Путин “албатта, “Орешник” оммавий қирғин қуроли эмас”лиги, чунки у ядровий каллаксиз қўлланилганда жойда радиоактив ифлосланиш юзага келмаслигини қўшимча қилган.
Путинга кўра, шу кунда Россияда фойдаланиш учун ҳозир турган “Орешник” туридаги бир неча ракета бор.
Украинадаги “қарор қабул қилиш марказлари”га зарба бериш билан россиялик расмийлар 2022 йилдаёқ таҳдид қилишган эди. Бу таҳдид Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ва Қора денгиз флоти кемаларига зарбаларига жавобан айтилганди. Шарҳловчилар бу ерда “марказлар” деганда, масалан, Киевдаги ҳукумат бинолари назарда тутилганини тахмин қилгандилар. Кейинроқ россиялик ҳарбийлар ўз ҳисоботларида ҳарбий команда пунктларига зарбаларни “қарор қабул қилиш марказлари” деб аташган эди. Шу нуқтаи назардан туриб қаралганда “қарор қабул қилиш марказлари” деганда Путин нимани назарда тутгани ҳозирча маълум эмас.
Аввалроқ Озодлик 21 ноябрга ўтар кечаси Россия Украинадаги “Южмаш” заводига баллистик ракета билан зарба бергани ҳақида хабар қилганди. Ўша пайтда бир неча жойда ёнғин чиққан, зарба оқибатида вайронгарчилик кўлами охиригача маълум эмас, бироқ у ерда ҳеч ким қурбон бўлмагани айтилган. Зарбанинг эртасига Путин ўз телемурожаатида зарба “Орешник” деган янги ракета билан берилганини билдирган. У ўз баёнотида Украинага қурол-аслаҳа етказиб бераётган мамлакатларнинг ҳарбий объектлари бўйлаб ҳам “Орешник” билан зарба берилиши мумкинлигини қайд этган.