Лукашенко Беларусдан Россия ҳарбийларини олиб чиқиш масаласини Путин билан муҳокама қилади

Беларусдаги ҳарбий машғулотларда иштирок этаётган Россия ҳарбийлари.

Беларуснинг Ғарб давлатлари томонидан тан олинмаган президенти Александр Лукашенко ва Россия президенти Владимир Путин жорий ҳафта якунида учрашади.

Лукашенконинг билдиришича, учрашувда “Россия ҳарбийларининг мамлакатни тарк этиш графиги ва шартлари” муҳокама қилинади. Беларусь ва Россия ҳарбийлари 10 февралда қўшма ҳарбий машғулотларни бошлаган. Ўшанда машғулотлар 20 февралгача ўтказилиши билдирилган эди.

Ғарб давлатлари Беларусь ва Россия Украинага яқин ҳудудда қўшма ҳарбий машғулот ўтказаётганидан ҳавотир билдириб келади. Ғарб давлатлари фикрича, Россия исталган пайтда Украинага ҳужумни бошлаш салоҳиятига эга.

Путин матбуот котиби Дмитрий Песков икки давлат раҳбарлари учрашувида Беларусдан Россия ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш масаласи муҳокама қилинадими, деган саволга жавоб бермади.

Украина билан чегарадош Беларусга ҳарбий машғулот баҳонасида Россиянинг 30 мингта аскари, С-400 зенит-ракета мажмуалари дивизионлари, “Панцирь-С” зенит ракета-тўп дивизиони, шунингдек, Су-35С ва Су-25СМ қирувчи ва ҳужумчи учоқлари киритилган.