Путин Мирзиёев билан Сурия ва Украина хусусида гаплашди

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Сурия ва Украина атрофидаги жорий вазият юзасидан фикр алмашишган.

Бу ҳақда қисқа ахборот ёйинлаган Кремль матбуот хизмати Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг “қайноқ нуқталар” хусусидаги мулоқоти тафсилотларини очиқламаган.

Суҳбат асносида Путиннинг жорий йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларига доир келишувларнинг ижроси ҳам кўриб чиқилган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати қайдича, икки давлат раҳбари ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсишини таъминлаш, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар ҳамда ишбилармон ташкилотлари даражасида фаол мулоқотларни давом эттиришга қаратилган ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлигини таъкидлашган.

Путин ва Мирзиёев жорий йил декабрь ойи охирида бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувларга тайёргарликни ҳам муҳокама қилган.

Путин жорий йил май ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан борганди. Ўшанда Мирзиёев Путинни ўз уйида меҳмон қилгани, Россия раҳбари Ўзбекистонда режадагидан ортиқча бир кунга қолиб кетгани хабар қилинган эди.

Икки давлат раҳбари жорий йил 7 октябрь куни Путиннинг туғилган кунига мўлжаллаб Москвада уюштирилган МДҲ саммитида ҳам кўришишганди.

Ўзбекистон Россия билан яхши муносабатларни сақлаб келмоқда, бироқ айни пайтда, Ғарб билан алоқаларни кенгайтиришга интилмоқда. Тошкент ҳеч қачон Россия–Украина урушини қораловчи тўғридан-тўғри баёнот бермаган, бироқ қўллаб-қувватлашини ҳам эълон қилмаган.