Россия президенти Владимир Путин 30 декабрь куни “Россия Федерациясида айрим тоифадаги хорижлик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш бўйича вақтинча чоралар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, Россияда қонуний асосларсиз юрган хорижликлар 2025 йилнинг 30 апрелигача мамлакатни тарк этишлари шарт.
Россияда қолишни истаган мигрантлар кўрсатилган санагача машруълашуви лозим. Бу уларнинг миграция хизматида ҳисобда туришлари, ўз биометрик ва тиббий маълумотларини ҳамда рус тилини билишларига оид гувоҳномаларни тақдим этишлари ҳамда вақтинча яшаш ва ишлаш учун рухсатнома расмийлаштиришлари кераклигини англатади. Уларнинг қарздорлиги бўлмаслиги ҳамда улар аввал легализация бўйича расмийлардан рад жавобини олмаган бўлишлари лозим.
Фармонда алоҳида банд билан ҳужжатдаги талаблар Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ва ҳарбий хизматга олинган хорижликларга тегишли эмаслиги қайд этилган.
Фармон меҳнат муҳожирлари дохил чет элликларга нисбатан аввалроқ кучайтирилган чораларга қўшимча бўлган. Мигрантлар учун “мамлакатдан чиқариб юбориш тартиби”га оид фармон Путин томонидан 2024 йил августида имзоланган эди. Мазкур қонун 2025 йил февралидан кучга киради.
Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл” савдо марказидаги терактдан кейин Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайган. Россиялик терговчилар тахминларига кўра, мазкур террор хуружи Тожикистон фуқаролари томонидан содир этилган. Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаган.
Айни пайтда россиялик расмийлар меҳнат муҳожирларига нисбатан ҳам назоратни кучайтира бошлашган. Ноябрь ойи ўрталарида Давлат думаси раиси Вячеслав Володин йил бошидан буён “миграция соҳасини такомиллаштириш”га қаратилган 13 та қонун қабул қилинганини маълум қилган. Унга кўра, мазкур қонун меъёрлари туфайли 2025 йилга келиб Россияда хорижлик фуқароларнинг визасиз юриш муддати қарийб 2 баравар қисқаради (бир йил ичида 90 кунгача), мамлакатдан чиқариб юбориш тартиби ишга тушади. Россиядаги кўплаб вилоятларда хорижликларнинг муайян соҳаларда (такси, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда) ишлаши тақиқланган.