Путин: “Ўз ерларимизни қайтариб олиш ва мустаҳкамлаш бизнинг ҳам чекимизга тушди”

Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин 9 июнь куни ёш тадбиркорлар билан учрашув чоғида Россия императори Пётр I 1700-1721 йиллардаги Шимолий урушда Швеция ерларини тортиб олмагани, балки уларни “қайтариб олган”и ва “мустаҳкамлаган”ини айтди. “Ўз ерларимизни қайтариб олиш ва мустаҳкамлаш бизнинг ҳам чекимизга тушди”, дея қўшимча қилди Путин.

Путинга кўра, Пётр I босиб олган ҳудудларда азалдан фин-угор халқлари билан бир қаторда славянлар ҳам яшаган. Ва, Путиннинг айтишича, бу ерлар “ҳар доим Россия давлатига тобе бўлган”. Президент Россиянинг биринчи императори томонидан 1703 йилда асос солинган Санкт-Петербургни ҳам эсга олиб, даставвал Европа мамлакатлари мазкур ҳудудларни Россияга тегишли деб тан олмаганини айтган.

Аввалроқ Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятларига Россия томонидан тайинланган маъмурлар Россия таркибига кириш масаласида референдум ўтказишга ҳозирлик кўраётгани хабар қилинган эди. Бу маълумот Россия президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи муовини Сергей Кириенко рус қўшинлари ишғол қилган Украина ҳудудларига сафар қилганидан сўнг ўртага чиққан. 24 февралда бошланган босқиндан сўнг Россия Херсон ҳамда Запорожье вилоятларининг катта қисмини эгаллаб турибди, аммо вилоят маркази бўлмиш Запорожье шаҳри ҳамон Украина назорати остида қолмоқда.

Айни кунларда Россияда Пётр I таваллудининг 350 йиллиги нишонланади. Ўзини аввал подшо, сўнгра император деб эълон қилган Пётр I шафқатсиз усуллар билан давлатни кучлантирган ва ғарбона ислоҳотлар ўтказган ҳукмдор сифатида Россия тарихига кирган. Унинг даврида 1721 йилги Ништадт сулҳига кўра Болтиқбўйи ерлари Швециядан Россия қўл остига ўтган. Ушбу ҳудудлардан айримлари, хусусан ҳозирги Эстония ва қисман Латвия ўшанга қадар ҳеч қачон Россия империяси ёки бирон рус князлиги таркибида бўлмаган.

Путин “қайтариб олиш” деганда айнан қайси ерларни назарда тутганини очиқлаган эмас.