Путин оммавий тадбирларга ўқ ўтмас камзул кийиб чиқмоқда

The Moscow Times иддаосига кўра, 9 майдаги парадга Владимир Путин пальтоси остидан ўқ ўтказмайдиган камзул кийиб чиққан

Россия президенти Владимир Путин очиқ ҳавода ўтказиладиган оммавий тадбирларга уст кийими остидан ўқ ўтказмайдиган камзул кийиб чиқа бошлаган. Бу ишни қилишни ундан хавфсизлик хизмати астойдил илтимос қилмоқда. Бу ҳақда The Moscow Times газетаси материалида айтилган.

Президентни бу каби тадбирларда яқиндан кўрган нашр суҳбатдошлари унинг йўқ деганда 2023 йилдан буён зирҳли камзул кия бошлаганини иддао қилишмоқда. Журналистлар илтимосига кўра 9 май куни Москвада бўлиб ўтган Ғалаба парадида Путин акс этган видеони ўрганиб чиққан хавфсизлик бўйича экспертлардан бири унинг пальто остидан ўқ ўтмас камзул кийганини тасдиқлаган.

Материалда Федерал қўриқчилик хизмати томонидан кўрилаётган хавфсизликнинг бошқа чоралари ҳақида ҳам айтилган. Путин билан сафарларга шахсий ошпазлар ҳам боришади, бироқ ходимларнинг махсус гуруҳи президент овқатланишидан олдин емакларнинг барчасини тотиб-текшириб чиқади. Путин атрофидаги қўриқчиларда дипломат шаклидаги буклама зирҳли қалқонлар бор.

Нашр президент хавфсизлик хизмати дунёдаги сиёсатчиларга қарши уюштирилган қатор ҳужумлар ортидан, шу жумладан 2022 йилда Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэнинг ўлдирилиши ҳамда Словакия бош вазири Роберт Фицога қилинган суиқасддан кейин хавотирга тушиб қолганини урғулаган.

Бошқа хатарлар қаторида Россиянинг Украинага босқини, Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди томонидан Путинни ҳибсга олиш ҳақида берилган ордер ҳамда радикал исломчиларнинг муҳтамал ҳужумлари келтирилган.

Match нашри 2022 йилнинг 9 июнида Россия президенти Владимир Путиннинг хавфсизлиги ва соғлиғи қандай сақланаётгани ҳақида ўз суриштирувини ёйинлаган эди. Нашр маълумотига кўра, хорижий сафарларда Федерал қўриқчилик хизмати ходимлари Путиннинг нажосатини тўплаб, ахлатларни бу мақсад учун мўлжалланган пакетларга жойлаб, махсус жомадон билан Россияга етказадилар.

Бу каби хавфсизлик чораларига Путиннинг Ўзбекистонга сўнгги сафари чоғида ҳам риоя қилинганми-йўқми — маълум эмас. Россия президенти 26 май оқшомида икки кунлик давлат ташрифи билан Тошкентга боргани, бироқ Ўзбекистонда режаланганидан бир кун кўпроқ қолиб кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Кремль воизи Дмитрий Песковга кўра, Россия президентининг Ўзбекистонда кўпроқ қолиб кетишига мезбон президент Мирзиёевнинг Путинни ўз уйида меҳмон қилиб, икки ўртада “ярим шахсий, ярим ишчи руҳда” мулоқот ўтказилгани сабаб бўлган.