Путин: қочқин ниқоби остида Россияга афғон жангарилари кириб келиши мумкин

Владимир Путин “Единая Россия” партияси аъзолари билан учрашувда, 22 август 2021 йил

Владимир Путин 22 август, якшанба куни “Единая Россия” партияси аъзолари ҳузуридаги чиқишида Ғарбнинг афғонистонлик қочқинларни, то уларга АҚШ ва Европага виза берилгунича Марказий Осиё мамлакатларида сақлаш таклифини танқид қилди.

Россия президенти ушбу ғояни “таҳқирловчи” ва “Россия хавфсизлигига хавф солувчи ғоя” деб атади.

“Биз қочқин ниқоби остида Афғонистондан бизга жангарилар кириб келишини, 90-йиллар охири – 2000-йиллар бошида юз берган воқеалар у ёки бу даражада такрорланишини истамаймиз”, деди Путин Россиянинг Марказий Осиё давлатларига яқинлигидан ва чегаралар очиқлигидан зорланиб.

“Чегара ҳам номига чегара. Орада минг чақирим масофа бор холос. Хоҳлаган уловига чиқиб, керак бўлса эшак миниб чўлма-чўл етиб келаверишади”, қўшимча қилган президент.

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган толиблар умумий афв эълон қилишга ва ўз мухолифларини жазоламасликка ваъда беришаётганига қарамай август ойи ўрталаридан бери минглаб афғонлар ўз ҳаётидан хавфсираб мамлакатни тарк этишга интилмоқда.

Бир қанча минтақалардан толиблар собиқ ҳарбийлар ва полициячиларни қатл этаётгани ҳақида хабарлар келмоқда, аммо айни вазиятда бу маълумотларнинг аксарисини тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш учун тегишли тартибда текшириш имконияти мавжуд эмас.

АҚШ, Буюк Британия ва айрим Европа мамлакатлари афғонистонлик қочқинларни қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон ва афғон қочқинлари

Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондан келган яна 400 қочқинга вақтинча бошпана берди, деб хабар қилди ТАСС 21 август куни.

ТАСС манбасининг билдиришича, қочқинлар аввалроқ самолётларда Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган 650 афғон ҳарбийси жойлаштирилган ва қаттиқ қўриқланаётган Термиздаги ковид марказида сақланмоқда.

Қочқинларнинг бу янги гуруҳи Термизга кечқурун самолётларда олиб келинган бўлиши эҳтимол. Уларнинг коронавирусга қарши ПЦР тести манфий натижа берди. Ҳозирча улар маршал Дўстум қўшини офицерлари каби нега яхши қўриқланаётган ва изоляция қилинган ҳудудга жойлаштирилгани номаълум”,-деб айтган манба.

Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондан ўтиб, Термизда вақтинча бошпа топган қочқинлар сони ва бу борадаги бошқа хабарларга расман муносабат билдирмаяпти.

20 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Толибон хавфсизлигини таъминлашга ваъда бергани ортидан Термиздан ватанига 150 нафар афғонистонлик “ўз ихтиёри билан” қайтганини билдирган.

Вазирликка кўра, “Толибон” раҳбарияти бу шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ қилинмаслигини ваъда қилган.

"Афғонистонга қайтган фуқаролардан олинган маълумотларга кўра, уларга нисбатан расмий процессуал чоралар кўрилгандан сўнг, уларнинг ҳаммаси уйларига қўйиб юборилган ва ҳозирда улар ўз оилалари бағрида тўлиқ хавфсиз ҳолда бўлиб турибди”, – дейилади ТИВ ахборотида.

Ўзбекистон Афғонистонга қайтариб юборган афғон фуқароларининг тақдири ҳақида Озодлик мустақил манбалар хабарига эга эмас.

Ўлим хавфи сабаб бошқа давлатдан қочиб ўтган одамларнинг ортга қайтариб юборилиши БМТ нинг Қочқинлар тўғрисидаги конвенциясига зиддир.

БМТнинг Қочқинлар идораси ҳам бу ҳақда ҳозирча баёнот бергани йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, айни пайтда 2 мингга яқин афғон ва хорижлик Тошкент орқали учинчи давлатларга олиб ўтилган.

"Ўзбекистон Республикаси қўшни Афғонистонда сақланиб турган мураккаб вазият муносабати билан, чет эллик ҳамкорларнинг мурожаатларига жавобан, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига содиқлик руҳида қатор давлатлар билан уларнинг фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш масаласи бўйича яқиндан ҳамкорлик қилмоқда", - дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳозирги вақтда Германия, Россия, Швейцария, Австрия, Дания, Польша, Словакия, Қозоғистон каби давлатлар билан аэропорт инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларини тақдим этиш, ҳаво макони орқали учишга рухсат бериш, аэропортга учиб келиш, қўниш, зарур техник ва логистика ёрдами кўрсатилган.