Путин Қодировга яна бир бор Чеченистон президенти лавозимига сайланишни тавсия қилди

Владимир Путин ва Рамзан Қодиров (архив сурати)

Россия президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан 23 июнь куни видеоалоқа орқали ўтказилган мулоқотида Чеченистонни “Россия Федерациясининг энг хавфсиз субъектларидан бири” деб атади. Путинга кўра, бу ҳолатга Қодировнинг “шахсий иштироки” туфайли эришилган.

Мулоқот чоғида Путин Қодировга сентябрь ойидаги сайловга яна ўз номзодини қўйиб, Чеченистон президенти лавозимига сайланишни тавсия қилган.

Бу орада россиялик ҳуқуқ фаоллари, Европа Иттифоқи ва АҚШ сўнгги йилларда Чеченистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўта аянчли эканини бир неча бор қайд этишган. Бу ерда гап, хусусан, республика ҳудудидаги судсиз қатллар ва ЛГБТ вакилларининг таъқиб этилиши ҳақида бормоқда. Рамзан Қодиров ва унинг атрофидаги мулозимлар бу айбловларнинг барчасини рад этиб келадилар.

Шу йил апрелида Қодиров инсон ҳуқуқлари бузилаётганига оид маълумотларни ёйинлаётган журналистлар ва ҳуқуқ фаолларини “ўлдириш” ва “қамоққа ташлаш”га чақирган, куни кеча эса “Грозний” телеканали раҳбари Чингиз Аҳмадов Рамзан Қодировни танқид қилувчиларга ўлим билан таҳдид қилганди.