Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея ва Вьетнам сафарлари якунлари бўйича матбуот анжуманида чиқиш қилар экан, Украинадаги урушга оид бир неча баёнот берди.
Хусусан, Путин Россия қўшинларининг, Украина талаб қилаётганидек, ишғол этилган ҳудудлардан олиб чиқиб кетилиши “афтидан, ҳеч қачон рўй бермайди”, деган. Унга кўра, ғарб мамлакатлари сиёсатчиларининг Россияни “жанг майдонида стратегик мағлубиятга учратиш” истаги Кремлни фақатгина “охиригача бориш”га мажбур қилиши мумкин, холос.
“Ғарб мамлакатлари сиёсатчилари бизнинг стратегик мағлубиятимизга эришишни хоҳлаётганларини айтишмоқда, бироқ Россия учун бу ўз давлатчилигининг тугаганини англатади. Аҳвол шундай бўлганидан кейин “нимадан қўрқишимиз керак, охиригача борганимиз яхши эмасми?” деган масала кўндаланг бўлади”, дея иқтибос келтирган “Медуза” нашри Путин сўзларидан.
Россия президенти ўз сўзида ҳозирда муҳтамал душман томонидан ядро қуроли қўлланилганига жавобангина ядровий қурол қўллашни кўзда тутган мамлакат ядровий доктринасига ўзгартишлар киритиш эҳтимоли ҳақида ўйлаётганини ҳам билдирган.
“Бироқ доктринада бизга превентив зарба керак эмас, биз жавоб зарбасида ҳам душманни йўқ қила оламиз”, дея ўз сўзига аниқлик киритган Путин.