Россия Украинадаги махсус амалиёт чоғида ҳали жиддий хатти-ҳаракат қилганича йўқ, дея баёнот берди 7 июль куни Россия президенти Владимир Путин.
“Эшитишимизча, кимлардир бизни жанг майдонида енгмоқчи эмиш. Нима ҳам дердик, уриниб кўришсин. Ғарб биз билан охирги украин қолгунича уришмоқчи, деган гаплар кўп айтиляпти. Бу украин халқи учун фожиадир, бироқ, афтидан, вазият шунга қараб боряпти”, деган Путин Давлат думаси фракциялари раҳбарлари билан учрашувда.
Путинга кўра, Россия “умуман олганда, ишга ҳали жиддий киришмаган”ини ҳамма англаши керак. Айни пайтда, унинг айтишича, Москва сулҳ музокараларидан бош тортмайди.
“Лекин бугун музокарани рад этаётганлар билиб қўйсинларки, бу қанча узоқ чўзилса, биз билан келишишлари шунча қийин бўлади”, дея урғулаган Россия раҳбари.
Владимир Путин қонун чиқарувчилар билан учрашувда Россияга қарши санкциялар ташаббускорларининг мақсадлари ҳосил бўлмаганини таъкидлаган.
“Россияга нисбатан жорий этилган ноқонуний чоралар биз учун қийинчилик туғдирмоқда. Бу яққол кўриниб турган нарса. Бироқ Россияга қарши иқтисодий блицкриг ташаббусчилари умид қилганчалик оғир аҳволда эмасмиз”, деган Путин.
Киев Путиннинг Украинага доир янги баёнотларига Украина президенти офисининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк муносабат билдирган.
“Коллектив Ғарб режаси” деган нарса йўқ. Шунчаки, муайян z-армия суверен Украина ҳудудига бостириб кириб, шаҳарларни ўққа тутмоқда ва тинч фуқароларни ўлдирмоқда, холос. Қолгани ҳаммаси – жўндан-жўн пропаганда. Бинобарин, жаноб Путиннинг “охирги украин қолгунича урушиш” ҳақидаги алжирашлари – Россия украин халқини қириб ташлашни режалаганига яна бир далилдир”, деб ёзган Подоляк.