Президент Владимир Путин Россия НАТО билан урушга "қизиқмаслиги" ва бунинг учун “мутлақо сабаб йўқ”лигини айтди. Бу ҳақда у Россия (ВГТРК) телеканалига берган интервьюсида гапирди.
Бундан аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Россия Украина устидан ғалаба қозонадиган бўлса, НАТО давлатларидан бирига ҳужум қилиши эҳтимоли мавжудлиги ҳақида фикр билдирганди. Путин интервьюда Байденнинг бу фикрини «сафсата» деб атади.
"Россияда НАТО давлатлари билан урушиш учун геосиёсий, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий қизиқиш мавжуд эмас",- деди Путин.
Унга кўра, Россия НАТО билан “муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор”. Шу билан бир қаторда Путин НАТОни “АҚШнинг томорқаси” деб атади.
Путин Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишига муносабат билдирар экан: "Шу кунгача бу давлатнинг Россия билан муаммоси йўқ эди. Энди муаммолар пайдо бўлади. Россия Финляндия билан чегарада муайян ҳарбий қисмларни жамлайди",- деб айтди.
Путин интервьюси давомида Ғарб 1991 йилда СССР тарқаб кетганидан сўнг Россияни "беш бўлакка бўлиб ташлашга уринаётганига" ишонч ҳосил қилганини билдирди.
АҚШ президенти Жо Байден 6 декабрда Конгрессга Украинага кўмак кўрсатиш бўйича қилган мурожаатида Россия Украинада ғалабага эриша олса, НАТОдаги иттифоқчиларга ҳужум қилиши эҳтимол экани ҳақида гапирган эди.
Россиялик қатор сиёсатчилар, жумладан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров НАТО давлатларига, биринчи навбатда Польша ва Болтиқ давлатларига ҳужум қилиш билан таҳдид этган эди.