Владимир Путин ўз фармони билан АҚШ ва америкалик фуқароларнинг Россиядаги мол-мулкидан фойдаланишга рухсат берди. Ҳужжатга мувофиқ, мазкур рухсат россиялик олигархлар ва Россия Марказий банкининг АҚШдаги активлари мусодара этилишидан кўрилган зарарни қоплаш учун берилган.
Фармонда РФ ҳукумати АҚШнинг “дўстона бўлмаган ва халқаро ҳуқуққа зид бўлган” хатти-ҳаракатлари туфайли Россияга етказилган зарарни қоплаш бўйича махсус тартиб ўрнатиши шартлиги таъкидланган.
Россия Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган махсус комиссия АҚШ юридик шахсларига тегишли қимматбаҳо қоғозлар дохил мулкларни аниқлайди, бу мулклардан кўрилган зарарни қоплаш учун фойдаланилиши мумкин.
Фармонга кўра, зарарни қоплаш учун Қўшма Штатларга ёки АҚШ фуқароларига тегишли кўчувчи ва кўчмас мулк, Қўшма Штатларга ёки АҚШ фуқароларига тегишли қимматбаҳо қоғозлар ҳамда уларнинг Россия юридик шахслари устав капиталидаги улушлари, Қўшма Штатларга ёки АҚШ фуқароларига тегишли мулк ҳуқуқидан фойдаланиш мумкин.
Жорий йилнинг 24 апрелида АҚШ Сенати Россиянинг музлатилган активларини Украинага ўтказиб бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. Аввалроқ АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси томонидан қабул қилинган мазкур қонун лойиҳасини ҳали президент Жо Байден имзолаган эмас.
Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кейин АҚШ, ЕИ ва бошқа мамлакатлар РФ ва россиялик олигархларга қарши санкциялар жорий қилиб, уларга тегишли активларни музлатиб қўйган эди. 2023 йил ёзида АҚШ Молия вазирлиги россиялик олигархлар ва РФ Марказий банкига қарашли бўлган ва умумий қиймати 330 миллиард доллардан ошган активлар блокировка қилингани ҳақида билдирган.
Аввалроқ Financial Times нашри “Катта еттилик” давлатлари Россиянинг музлатилган активларининг бир қисмини Украина ўтказиб беришга оид музокараларни жадаллаштиргани ҳақида ёзиб чиққан. Нашр манбалари маълумотларига кўра, АҚШ Россия Марказий банкининг Европадаги музлатилган активларини жанговар ҳаракатлар натижасида етказилган зарар учун тўланажак товоннинг “аванс”и ўлароқ Украинага ўтказиб беришни таклиф қилган. FT суҳбатдошлари фикрича, Россия ҳар қанақа ҳолатда ҳам бу маблағларни Украинага тўлаб беришга мажбур бўлади.