Путин Россиянинг янги ядровий доктринасини имзолади

Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин “Россия Федерациясининг ядровий тийиб туриш соҳасидаги давлат сиёсати асосларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборот порталида 19 ноябрь куни ёйинланди.

Янгиланган ҳужжатда ядро қуролидан фойдаланиш шартлари кенгайтирилган ва бунақа имконият дронлар дохил “ҳаво-космик ҳужум воситалари ёппасига учирилгани ҳақида” ҳамда улар Россия чегарасини кесиб ўтгани тўғрисида ҳаққоний маълумот олинганда кўриб чиқилиши айтилган.

Россия ядровий қуролга эга бўлмаган исталган давлат тажовузига учраган ва унга ядровий давлат дастак берган тақдирда, янгиланган ҳужжатга мувофиқ, Москва буни “уларнинг Россияга биргаликдаги ҳужуми ўлароқ баҳолайди”.

Аввалги доктринада Россия фақат ядро қуролига эга бўлган мамлакат томонидан ҳужумга учраганидагина ядровий қурол билан жавоб бериши кўзда тутилган эди.

Бундан ташқари, эндиликда Россия томонига баллистик ракеталар отилиши (ATACMS считаются квазибаллистик ракеталар бўлиб ҳисобланади) ҳам ядро қуролидан фойдаланиш учун баҳона бўлиши мумкин, бу ракеталарга ядровий каллаклар ўрнатилган бўлиши шарт эмас. Яна бир янги бандга мувофиқ, Россия Беларусь “суверенитети учун хавф” туғилган тақдирда ҳам ядровий зарба билан жавоб бериши мумкин. Ниҳоят, “Россияга қарши агрессия учун” ўз ҳудудлари ёки ресурсларини тақдим этиш ҳам “ядровий тийиб туриш учун асос” бўлиши мумкин.

Ҳужжатда ядровий тийиб туриш йўналтирилган давлат ва ҳарбий иттифоқлар рўйхати ҳамда “йўқ қилиниши учун ядровий тийиб туриш тадбирлари ўтказилаётган ҳарбий таҳдидлар рўйхати” кенгайтирилган.

Мазкур ҳужжатга ўзгартишлар киритилиши ҳақида Путин Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашининг жорий йил 25 сентябридаги йиғилишида билдирган. Бу баёнотни Путин Россия ичкарисига зарба бериш учун Украинага рухсат берилишига оид баҳс-мунозаралар манзарасида берган эди.

Путин янги фармонни Қўшма Штатлар Киевга Россия ичкарисидаги 300 километргача бўлган масофадаги ҳадафларга зарба бериш учун АҚШ ракеталаридан фойдаланишга рухсат берганига оид хабарлар пайдо бўлиши ортидан имзолаган. Россия ичкарисига зарбалар берилишига изн берилиши эҳтимоли ҳақида аввалроқ қатор нашрлар хабар қилишганди.

Хусусан, The New York Times газетасининг ёзишича, АҚШ президенти Жо Байден Курск вилоятидаги амалиётда иштирок этаётган Украина Қуролли кучлари бўлинмаларини ҳимоя қилиш учун Киевга унинг тасарруфида бўлган ATACMS узоқ манзилли ракеталаридан фойдаланишга рухсат берган. Вашингтон ва Киев бу маълумотни тасдиқлаган эмас. Нашр маълумотига кўра, бу қарор Курск вилоятига Шимолий Кореядан бўлган ҳарбийлар олиб келганига жавобан қабул қилинган. Нашр суҳбатдошларига кўра, бу КХДРга унинг ҳарбийлари қалтис вазиятда экани ва Пхенян бундан буён Россияга қўшин жўнатмаслиги кераклигини намойиш қилиш учун керак эди.