Россия президенти Владимир Путин собиқ давлат раҳбарларининг умрбод сенатор бўлиб қолишига имкон берувчи қонунни имзолади. Ҳужжат расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган.
Ҳозир Россия ҳудудида икки собиқ давлат раҳбари яшаяпти, булардан бири собиқ президент Дмитрий Медведев бўлса, иккинчиси СССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачёвдир. Бироқ Горбачёвга нисбатан мазкур қонун амалда бўлмайди.
Қонун лойиҳаси парламентга кўриб чиқиш учун президентнинг ўзи томонидан киритилган. Дастлабки таҳрирда давлат раҳбари истеъфога кетганидан кейин унга Федерация кенгашида (Сенатда) ўринга эга бўлиш учун ҳужжат топширишга уч ой муҳлат берилиши айтилганди, сўнгги таҳрирда бунга оид муддат белгиланган эмас.
Мазкур қонун лойиҳаси Федерация кенгашига 30 нафаргача сенатор тайинлаш имконини беради, улардан етти нафари умрининг охиригача сенатор бўлиб қолиши мумкин, қолганлари эса 6 йил муддатга тайинланади. Сенатор мақоми Россия фуқаросига Давлат думасига қонунлар киритиш, парламент юқори палатасидаги овоз беришларда иштирок этиш ҳуқуқини беради ҳамда жиноий таъқибдан дахлсизлик билан таъминлайди.