Россия президенти Владимир Путин Украина уруши бошланганидан бери илк маротаба хорижга сафар қилади, деб хабар берди Reuters агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда. Хабарда билдирилишича, Путиннинг жорий ҳафтада Тожикистон ва Туркманистонга расмий сафар билан бориши кутилмоқда.
Душанбеда Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказади. Шундан сўнг Путин Ашхободда Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон ва Туркманистон лидерлари билан Каспий бўйи давлатлари саммитида иштирок этади.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков мазкур учрашувларда қандай масалалар муҳокама этилиши тўғрисидаги саволларга жавоб бермади.
Бунгача Путин июнь ойи охирларида Беларусга сафар қилиши хабар қилинганди. Бироқ кейинроқ Беларус ва Россия президентлари ўртасидаги учрашув онлайн тарзда ўтказилиши маълум қилинди.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг қатор давлатлар, жумладан, АҚШ ва Канада Путинга ўз ҳудудига киришни тақиқлаган эди.