Федерал йиғинга 29 февралда мурожаат билан чиққан Россия президенти Владимир Путин нутқини Украинага босқин мавзусидан бошлади.
"Россия ҳозир ўз суверенитет ва хавфсизлиги учун адолатли курашни олиб бормоқда", - деган Путин “махсус ҳарбий амалиётни” (Россия ҳукумати Украинадаги урушни шундай деб атайди – муҳаррир) “россияликларнинг аксарияти қўллаётгани”ни иддао қилди.
Путин нутқи давомида Ғарб давлатларини яна бир бор кескин танқид қилди. "Ғарб бизнинг ривожланишимизни тўхтатиб қолишгагина интилмаяпти, уларга Россия ўрнига йўқликка маҳкум ҳудуд керак”,- деди Путин.
У сўзида давом этар экан: "Ғарб Россия Европага ҳужум қилишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ёлғон гапиришда давом этмоқда. Бу алаҳсираш. Украинага НАТО контингентини жўнатиш ҳақида гапира бошладилар. Уларга бизга контингентлар жўнатганларнинг тақдири нима бўлганини эслатамиз. Энди интервентлар учун оқибатлар аввалгиларидан кўра фожиалироқ бўлади. Бизда уларнинг ҳудудларидаги нишонларга зарба бера оладиган қурол бор”, - деди.
Ўтган ҳафтада АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи, Британия ва қатор бошқа давлатлар Москвага нисбатан янги санкцияларни жорий этган эди. Жумладан, АҚШ Россияга нисбатан 500 та қўшимча чеклов киритди. Санкциялар Путиннинг ашаддий танқидчиси ўлароқ кўриладиган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоқда ўлгани ва Украинага босқиннинг икки йиллиги муносабати билан киритилди.
Айни пайтда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Associated Press агентлигига берган интервьюсида, ҳарбий иттифоқ Украинага қўшин жўнатиш ниятида эмаслигини билдирди. Столтенберг бу баёнотни Ғарб давлатлари гўёки Украинага қўшин жўнатиш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган бир пайтда берди.
Федерал йиғинга қиладиган йиллик мурожаатида президент давлат сиёсатининг келажакдаги асосий йўналишлари тўғрисида мужда беради. «Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, Путиннинг бугунги мурожаати «моҳиятан унинг сайлов олди дастурини шакллантиради».
Россияда президентлик сайлови 15 мартдан 17 мартгача ўтказилади. Путин ўз номзодини кўрсатган ва бешинчи марта президентлик лавозимини эгаллашни ният қилган. Қонунчиликка асосан барча номзодлар ўз дастурларини 6 мартгача эълон қилиши шарт.