Путин: Украинадаги ҳарбий амалиёт узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкин

Россия президенти Владимир Путин ўзи “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаётган Украинадаги уруш узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, у Россия томонидан Украинанинг қатор ҳудудлари аннексия қилинганини “сезиларли ютуқ” сифатида эътироф этди.

Путин бу ҳақда 7 декабрда президент қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолари билан ўтган учрашувда гапирди. Кенгаш аъзоларининг асосий қисми Кремль сиёсатини тўлиқ қўллайдиган шахслардир.

“Азов денгизи ҳам Россия Федерациясининг ички денгизига айланди”,- деган Путин рус императори Пётр I ҳам Азов денгизига чиқиш учун курашганини таъкидлади.

Путин “ҳарбий амалиёт” бошланишини эълон қилар экан Украина ҳудудини аннексия қилиш мақсади борлигини айтмаган эди. Украинанинг 4 вилояти аннексия қилинишини жаҳон ҳамжамияти қоралади. Украина бу ҳудудларни озод этишда давом этмоқда.

Путин учрашувда “махсус амалиёт” деган сўздан ташқари “уруш” деган сўзни ҳам ишлатди. Унга кўра, “урушни Украина ҳукумати 2014 йилда бошлаган”.

Россия президенти ядровий уруш таҳдиди ошиб бораётганини таъкидлар экан, Москва ядровий қурол қўлламаслигига кафолат бермади. “Биринчиси қўлламаса, демак, иккинчиси ҳам қўлламайди”, деди Путин “биринчиси” деганда Ғарбни назарда тутган ҳолда. Унга кўра, Россия ҳукумати “ҳали ақлдан озгани йўқ ва ядровий қурол билан устара каби муомала қилмоқчи эмас”.

Айни пайтда Путин Россия миллий манфаатларни дастлаб тинч йўл билан ҳимоя қилишга ҳаракат қилишини, агар бу натижа бермаса “барча имкониятларни ишга солишини” айтди.