Путин Украинага қарши янги ракета қўлланилганини очиқлади

Россия президенти Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин Украинага ўрта масофали “Орешник” янги баллистик ракетаси билан зарба берилганини эълон қилди. Унга кўра, бу зарба Киев томонидан “АҚШ ва Британиянинг узоқ масофали қуроли” қўлланилганига жавоб бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақда Путин 21 ноябрь оқшомида Кремль телеграм-канали орқали ёйинланган видеомурожаатида билдирди.

Путинга кўра, Россия Днепрдаги мудофаа-саноат мажмуасига ядровий каллаксиз баллистик ракета билан зарба берган.

“Ракетачиларимиз уни “Орешник” деб номлашди. Синов муваффақиятли ўтди, отилган ракета нишонга теккан”, деган у. Путиннинг айтишича, ракета ҳадафи “Жанубий машинасозлик заводи” (Южмаш) бўлган.

Ракета тезлиги секундига 2,5-3 километрга етади. Путинга кўра, снарядни АҚШда яратилган ва Европада жойлаштирилган тизимлар дохил замонавий ҳаводан мудофаа воситалари билан уриб туширишнинг имкони йўқ.

Путин бу ҳужум 19 ва 21 ноябрь кунлари Украина Қуролли кучларининг Брянск ва Курск вилоятларидаги ҳадафларга берган зарбасига жавоб бўлиб ҳисобланади. Бу зарбаларни бериш учун, иддаога кўра, АҚШ ва Британияда ишлаб чиқарилган ATACMS ва Storm Shadow (SCALP) ракеталаридан фойдаланилган. Ҳужумлар натижасида, Путинга кўра, Курск вилоятида одамлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган. Брянск вилоятида эса қурбонлар қайд этилмаган.

“Орешник”нинг ишга солинишини Путин АҚШнинг ўрта ва қисқа масофали ракеталарни ишлаб чиқариш ва жойлаштириш режалари билан боғлаган. Президент бу каби тизимлар синовдан ўтказилган тақдирда Россия тинч аҳолини аввалдан огоҳлантиришини қайд этган.

Ўз мурожаатида Путин Ғарб давлатларига таҳдид ҳам қилган.

Биз объектларимизга қарши ўз қуролидан фойдаланишга имкон бераётган мамлакатларнинг ҳарбий объектларига қарши ўз қуролимизни қўллаш ҳуқуқига эгамиз, деб ҳисоблаймиз, тажовузкорона ҳаракатлар эскалациясида эса шу каби қатъий ва мутаносиб жавоб қиламиз”, дея билдирган у.

Кремль вакили Дмитрий Песков “Орешник” синови юзасидан изоҳ бераркан, Россия Ядровий хатарни камайтириш бўйича миллий марказ линияси орқали АҚШни автоматик тартибда ракета учирилишидан огоҳлантирганини билдирган.

Икки мамлакат ўртасидаги келишувга мувофиқ қитъалараро ракеталар учирилгани ҳақида огоҳлантирилган эмас, чунки “Орешник” ўрта манзилли ракетадир”, дея аниқлик киритган Песков.

Пентагон вакиласи Сабрина Сингҳ “Орешник” учирилишидан сал олдинроқ Қўшма Штатлар Россиядан огоҳлантириш олганини тасдиқлаган. Сингҳ Россия томонидан гипертовушли ракета синовдан ўтказилганидан кейин ҳам ядровий ҳозирликка оид ёндошувини ўзгартирмаганини қўшимча қилган.

Ўз навбатида, Оқ уй вакиласи Карин Жан-Пьер, Россия хатти-ҳаракатларидан қатъи назар, АҚШ Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этаверишини таъкидлаган.

Бизни тўхтатолмайдилар. Биз украиналикларни уларга лозим бўлган барча нарсалар билан таъминлашда давом этамиз”, деган Жан-Пьер.