Россия президенти Владимир Путин 27 октябрь куни “Валдай” халқаро клубининг пленар сессиясида: “Жаҳон тарихий паллада турибди, олдинда бизни Иккинчи жаҳон урушидан бери илк маротаба хавфли ва муҳим ўн йиллик кутмоқда”, - деб айтди.
Путин сўзини ғарб давлатларини танқид қилишдан бошлади. Путинга кўра, ғарб барча одамларни иккинчи даражали, ўзини эса энг юқори деб ҳисоблайди. Путин ғарб давлатларининг ҳаракатлари “2014 йилда Украинадаги фожеали воқеаларга сабаб бўлди”, деб қўшимча қилди.
Путин Россия НАТО билан кўп маротаба тил топишишга ҳаракат қилганини, бироқ бу таклиф рад этилганини айтди. Сўзи давомида Путин яна СССРнинг тарқалиши ҳақида гапирар экан “бу воқеа жаҳондаги мувозанатни бузди” деб таъкидлади. Аввалроқ Путин СССРнинг тарқалиб кетишини 20-асрнинг энг катта геосиёсий фожиаси деб атаган эди.
Россия президенти “Валдай”да сўзлаган нутқида Украина тарихан сунъий давлат сифатида шакллантирилганини яна бир бор иддао қилди. “Очиқ айтсак, фақат Россиягина Украина давлатчилигининг ва ҳудудий яҳлитлигининг ягона, ҳақиқий, жиддий гаранти бўла олар эди”, деди у.
Путин Россия Украинага нисбатан ядровий қурол қўлламаслигини айтар экан, Киев ифлос бомбани тайёрлаётганини иддао қилди ва халқаро экспертларни тез орада Украинада теширув ўтказишга чақирди.
Ғарб ва Украина Россиянинг ифлос бомба тўғрисидаги иддаоларини рад этиб келади ва бу масалада Халқаро атом энергияси агентлиги экспертларини мамлакатга текширув ўтказиш учун таклиф қилган.
Путин 27 октябрдаги нутқида Россия “ҳеч қачон ядровий қуролни қўллаш тўғрисида гапирмагани”ни айтди. Айни пайтда Ғарб Россияни ядровий таҳдид билан қўрқитишга ҳаракат қилганликда айблаб келади.
Масалан, Путин аввал “Москва ҳудудий яҳлитликни ҳимоя қилиш учун барча қўл остидаги имкониятлар”ни ишга солишини айтган. Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев эса Ғарбга “Қиёмат уюштириш” билан таҳдид қилган эди. “Уларнинг одамлари азобнинг таъмини тўла тотиб кўради. Уларда том маънода ер ёниб, бетон эриб кетади”, деган Медведев.
РБК-Украинанинг хабар беришича, Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк Путиннинг “Валдай”да сўзлаган нутқига муносабат билдирар экан қуйидагиларни айтди:
“Ўзга мамлакатга бостириб кирган, ҳудудларни аннексия қилган ва геноцидни амалга ошираётган одам бошқа кимнидир… халқаро ҳуқуқ ва ўзга мамлакатларнинг суверенитетини бузганликда айблаяптими? Бир гап ҳақ: Ким нима экса ўшани ўради. Ўрадиган пайт яқинлашаяпти”.
Аввалроқ Путин Ғарбни танқид қилар экан "посеявший ветер пожнёт бурю" (сўзма-сўз таржимаси “шамолни эккан бўронни ўради”, ўзбекча муқобили “Ким нимани экса ўшани ўради - муҳаррир) деган сўзларни айтган эди.