Агар Ғарб Украинадаги уруш туфайли жорий этилган санкцияларни бекор қилса, Россия жаҳон озиқ-овқат инқирозини бартараф этишга катта ҳисса қўшишга тайёр. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин 26 май куни Италия бош вазири Марио Драги билан телефон орқали мулоқот чоғида айтган, деб хабар қилди Reuters агентлиги.
Давлат раҳбарлари Украинадаги вазият, озиқ-овқат инқирози ва унинг қашшоқ мамлакатларга таъсирини муҳокама қилганлар. Путин, шартлар бажарилган тақдирда, ғалла ва ўғитлар экспорт қилишга ҳозирлигини урғулаган.
Ҳозирги кунда Украина портларида 4,5 миллион тонна дон қолиб кетмоқда, Россия олиб бораётган ғарбий ҳаракатлар туфайли ғаллани харидорларга етказиб бўлмаяпти. Gro Intelligence таҳлил ширкати раҳбари Сара Менкерга кўра, дунёда атиги 10 ҳафтага етарли буғдой захираси қолган.
Путин ва Драги суҳбатига оид бошқа тафсилотлар маълум қилинмаган.
АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, урушга қадар жаҳон ғалла экспортининг қарийб 30 фоизи Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келган. Украина жўхори экспортида тўртинчи ва буғдой экспортида бешинчи ўринни эгаллаган.
Азов денгизи ва Қора денгизни Россия ҳарбий кемалари назорат қилмоқда. Биринчи май куни Украина томони ҳарбий ҳаракатлар тугагунча Бердянск, Мариуполь, Скадовск ва Херсон портларини ёпишга қарор қилган.
Ғарб мамлакатлари Россияни ғалла бозорида юзага келган вазиятдан “гибрид уруш” қуроли ўлароқ фойдаланишда айблаётир. Аввалроқ CNN Украинадан ўғирланган ғалла юкланган Россиянинг “Матрос Позинич” кемаси донни Миср ва Ливанда сота олмаганидан сўнг Суриянинг Латакия портида пайдо бўлгани ҳақида хабар қилган эди.