Россия президенти Владимир Путин шу йил август ойида Йоханнесбургда ўтказиладиган БРИКС саммитига келмайди. Унинг ўрнига Россия делегациясини ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тамсил этади. Бу ҳақда Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамапоса маълум қилди.
ЖАР президенти сайтидаги хабарномада айтилишича, Путин икки томоннинг келишуви билан саммитда қатнашмайдиган бўлган. БРИКСга аъзо бошқа мамлакатлар – Хитой, Бразилия, Ҳиндистон ва ЖАР саммитда давлат раҳбарлари томонидан тамсил этилади.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “Ведомости” нашрига Россия президенти БРИКС саммитига видеоалоқа орқали уланишини билдирган.
Аввалроқ Халқаро жиноят суди Путинни ҳибсга олиш бўйича ордер берган эди. Россия президенти украиналик болаларни Киев назоратида бўлмаган ҳудудларга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетганликда айбланмоқда. Жанубий Африка Республикаси Рим статутини имзолаган мамлакатлар сирасига киради. Мазкур ҳужжат ЖАР зиммасига Путин бу мамлакатга келган тақдирда, Халқаро жиноят суди қарорини бажариб, уни ҳибсга олиш мажбуриятини юклайди.
18 июль куни Сирил Рамапоса Халқаро жиноят судидан Россия президентини ҳибсга олмасликка рухсат сўраганини маълум қилган эди. ЖАР президенти “муҳтамал ҳибсга олиш уруш эълон қилиш билан тенг”, деб айтган.
Жанубий Африка вице-президенти Пол Машатиле куни кеча матбуот вакиллари билан мулоқот чоғида ЖАР расмийлари Путинни Йоханнесбургдаги саммитга келмасликка ундаганларини айтган. Машатилега кўра, Москва Россия делегациясига Сергей Лавров етакчилик қилиши таклифига қарши бўлган.
Тадбир ташкилотчилари саммитни Хитойга кўчириш масаласини ҳам кўриб чиққанлар, бироқ бу таклифга Ҳиндистон ва Бразилия қарши чиққан.
Аввалроқ Кремль Россия президентининг Йоханнесбургдаги учрашувда қайси форматда иштирок этиши ҳали белгиланмаганини билдирган эди.
Financial Times газетаси Рамапоса июль ойи охирида Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган Россия – Африка саммити доирасидаги учрашувда Путинни Йоханнесбургга бориш фикридан қайтаришга уриниб кўриши ҳақида ёзган эди.