Россия президенти Владимир Путин захирадаги фуқароларни 2022 йилдаги ҳарбий йиғинга чақириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармон нусхаси “Ҳуқуқий ахборот расмий интернет-портали”да эълон қилинган.
Ҳужжатда “захирадаги фуқаролар 2022 йилда Қуролли кучлар, Миллий гвардия қўшинлари, давлат қўриқчилик органлари ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) идораларида ҳарбий йиғин ўташ учун чақирилсин” дейилган.
Президент фармони жорий йилнинг 18 февралидан кучга кирган.
Россия нашрлари мамлакатда захирадаги фуқаролар ҳар йили ҳарбий йиғинга чақирилишига эътибор қаратишган.
Ўтган йили Путин захирадагиларни ҳарбий йиғинга чақиришга оид фармонни апрель ойида имзолаган эди. Ўшанда захирадаги ҳарбийлар хизматни Россия Қуролли кучлари ва ФХХ органларида ўташган.
Путиннинг бу йилги фармонни имзолаши Россия билан Украина ўртасида сиёсий таранглик ўта кучайган бир пайтга тўғри келди.