Кремлга яқин кўрилган сиёсатшунос Сергей Караганов Россия расмийларини яна ядровий қуролдан фойдаланишга чақирди.
“Тийиб туришдан қўрқитишга қадар: ядровий қурол, геосиёсат, коалицион стратегия” деб номланган ўз китоби тақдимотида Караганов Россияда ядровий бомбаларнинг борлигини “Парвардигорнинг аралашуви” деб атаган.
“Биз Худонинг ғазабини қўзғатмаслигимиз ва бизга ўзимизни қутқариш учун берилган қуролдан актив фойдаланишимиз лозим”, деган сиёсатшунос ядровий зарбалар беришдан бош тортиш “совет ва Россия халқи олдида гуноҳ бўлиб ҳисобланиши”ни қўшимча қилган.
Караганов аввал ҳам Россия расмийларини ядровий зарбалар беришга (хусусан, Европага) чақирган эди.
Айни пайтда, суриштирув журналистикаси билан шуғулланувчи ОАВ маълумотига кўра, сиёсатшуноснинг Германия ва Италияда кўчмас мулки бўлиб, ўзига қарши санкциялар киритилганига қарамай, у бу мулклардан мунтазам равишда даромад олиб келмоқда.
Сергей Караганов Россия Ташқи ва мудофаа сиёсати кенгаши раёсатининг фахрий раиси бўлиб ҳисобланади. Бу кенгаш Валдай клуби таъсисчиларидан бири бўлиб ҳисобланади ва мазкур клуб йиғилишларида Владимир Путин ҳам бир неча бор чиқиш қилган.
ОАВ Карагановни “Россия президентига яқин сиёсатшунос” ва салкам унинг маслаҳатчиси деб атайди.