Путинни дастаклаган “жодугар” аёл экстремизмда айбланмоқда

Алёна Полинь (Елена Суликова)

Россия Тергов қўмитаси “Экстрасенслар жанги” кўрсатуви иштирокчиси, “Энг кучли жодугар аёллар империяси” ташкилоти раҳбари Алёна Полинга (Елена Суликова) нисбатан РФ Жиноят кодексининг 282-моддаси 2-қисми “а” банди (экстремизм) ва 148-моддаси 1-қисми (диндорлар ҳис-туйғуларини таҳқирлаш) бўйича айблов эълон қилди. Бу ҳақда Тергов қўмитасининг Москва вилояти бўйича бошқармаси хабарномасида айтилган.

Айбланувчи 2020 йилнинг январидан 2023 йил декабригача Рус православ черкови руҳонийларига нисбатан зўравонлик чақириқларини ўз ичига олган экстремистик адабиётни сотиш ва тарқатиш билан шуғулланган. Бундан ташқари, у Интернет тармоғидаги каналлардан бирида диндорларнинг ҳис-туйғуларини топтовчи фикрлар акс этган видеони ёйинлаган”, дейилган бошқарма хабарномасида.

Қайд этилишича, аёл яшаган хонадонда тинтув ўтказилиб, ундан китоблар ва техника мусодара қилинган. Тергов қўмитаси эълон қилинган айблов бўйича Полиннинг ҳибсга олинишини сўрамоқда.

Алёна Полинь 2015 йилда “Энг кучли аёллар империяси” ташкилотига раҳбар бўлган эди. Ташкилот 2019 йилда Россия давлати ва президент Владимир Путинни қўллаш мақсадида “Машғулотдан ташқари жоду давраси” деб номланган махсус маросимни ўтказгани ортидан танилиб кетган эди.

ТНТ телеканали орқали ёйинланган “Экстрасенслар жанги” шоуси иштирокчиси бўлган Полинь ўзини “жодугар аёл” деб атайди ва сеҳр-жоду қобилияти унга бувисидан ўтганини иддао қилиб келади.