Путиннинг махсус вакили: Тожикистон ва Ўзбекистонга АҚШ қўшинлари жойлаштирилмайди

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов

Тожикистон ва Ўзбекистон ўз ҳудудига Америка ҳарбий базаларини жойлаштирмайди. Бу ҳақда Россия Федерацияси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов “Известия” газетасига берган интервьюсида билдирган.

“Тожикистонлик ва ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан сўзлашувлар орқали билдикки, уларга [АҚШ тарафидан Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий базаларни ташкил қилиш тўғрисида] расман мурожаат қилинган эмас. Бу биринчидан. Иккинчидан, улар бу иш имконсизлигига ишора қилишди. Шу важдан бунга зўр бериб қаршилик кўрсатишимизга ҳожат қолмади”, деган Кабулов The Wall Street Journal газетасининг Қўшма Штатлар Марказий Осиёдаги бу мамлакатларга қўшин жойлаштиришдан манфаатдор эканига оид хабарини изоҳлар экан.

Тожикистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси ҳисобланади ва бунақа қарорларни ташкилот билан келишиши керак. Ўзбекистон эса Россиянинг стратегик ҳамкори, қолаверса мамлакатда унинг ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ташкил қилинишини тақиқловчи қонун қабул қилинган. “Хуллас, бу масалада ташвиш тортмасак ҳам бўлади”, дея қўшимча қилган Кабулов.

Аввалроқ The Wall Street Journal ўз манбаларига таянган ҳолда, АҚШ Афғонистондан олиб чиқилажак қўшинларини Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон ва Тожикистонга жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқаётганини хабар қилганди. Америка раҳбарияти гўё “афғон ҳукуматини дастаклаш, “Толибон” радикал гуруҳи фаолиятини назорат қилиш ва бошқа экстремистлар устидан кузатув олиб бориш” мақсадида ушбу режани тузган.