Президент Путиннинг қисман сафарбарлик эълон қилиши, “Вёрстка” нашри иддаосига кўра, Россиядан йўловчи оқими кескин ошиб кетишига олиб келган.
Россияликларнинг чиптахоналарга чопиб қолиши мобилизация қарори билан қанчалик боғлиқ эканини аниқлаш имкони йўқ, бироқ ижтимоий тармоқларда 1997 йили чиққан “Сафарбарлик тўғрисидаги қонун”да чақирув ёшида бўлган шахсларнинг “ҳарбий комиссариатлар рухсатисиз яшаш жойини тарк этиши тақиқланган”ига урғу берилмоқда.
Мудофаа вазири Шойгу очиқлаган айрим маълумотларни истисно қилганда, Россия расмийлари мобилизация қандай уюштирилиши ҳақида ҳали батафсил маълумот берганларича йўқ.
Маҳаллий пабликлар Путин нутқидан кейин россияликлар Истанбул, Тбилиси ва Ереван йўналишлари бўйлаб барча чипталарни сотиб олганларини ёзмоқда. Телеграм-каналлардан бири 21 ва 22 сентябрь кунларига Тошкент ва Астанага ҳам авиабилет қолмаганини, чипталар нархлари эса 5-6 баравар ошиб кетганини ёзган.