Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни амалий ташриф билан Москва шаҳрига жўнаб кетган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев РФ пойтахтида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг галдаги саммитида иштирок этади.
Россия президенти Владимир Путиннинг туғилган кунига мўлжаллаб уюштирилаётган Москвадаги саммитда Ўзбекистон президентидан ташқари МДҲ иштирокчиси бўлган қатор давлатларнинг раҳбарлари ҳам қатнашиши кутилмоқда.
Аслида ҳар йили Путин туғилган кунида Кремлга “дўст” мамлакатлар президентларининг Москвага бориб, Россия президентини шахсан табриклаб келишлари ўзига хос анъанага айланиб улгурган. Аввалги йиллардаги учрашувлар МДҲ, КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувлари шаклида ташкил этилганди.
Дейлик, ўтган йилнинг шу кунида Путин Ново-Огареводаги ўз қароргоҳида Тоқаев ва Мирзиёев билан биргаликда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришга бағишланган маросимда иштирок этган эди. 7 октябрь куни 72 ёшга тўлган Владимир Путин Россия Федерациясини қарийб чорак асрдан буён бошқариб келмоқда.