Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Бердали қишлоғида истиқомат қилувчи 30 ёшли Шаҳноза Ҳайдарова бирваракайига тўртта фарзандлик бўлди.
Қамаши марказий касалхонаси шифокорларига кўра, уч қиз ва бир ўғил 15 августда 21:50 дан бошлаб бир неча дақиқа фарқ билан туман тиббиёт бирлашмасига тегишли туғуруқхонада дунёга келган.
“Биринчиси қиз 1 килою 950 грам туғилди. Иккинчисиям қиз – 1 килою 850 грам. Учинчиси ўғил бола – 2 килою 210 грам. Тўртинчиси яна қиз – 2 килою 200 грам,” деди доялик қилган шифокор аёл.
Уй бекаси Шаҳноза Ҳайдарова ва унинг эри Зайниддин Ҳайдаров ўз фарзандларига Фотима, Зуҳра, Ҳусан ва Заҳро деб исм қўйди.
Шифокорлар жарроҳлик амалиётисиз туғилган чақалоқлар ва онанинг соғлиги яхши эканини айтишди.
Туман марказий шифохонаси раҳбарияти она ва чақалоқлар учун алоҳида чақлоқлар врачи ва акушер ажратганини билдирди.
“Бу аёлни 8 ҳафталигида ҳомиладор сифатида рўйхатга олиб, ултра товушли мослама, кейин скрин марказида текширувдан ўтказганмиз. Дастлаб¸ аёлни учта фарзандли, деб регистрацияга олдик, ҳамшира ажратдик. Патронаж системасида кузатувлар олиб бориб, кўзи ёришидан олдин патология, яъни туғуруқдан олдинги бўлимимизга ётқизиб, анализларини контрол қилиб бордик,” дейди шифокорлардан бири.
Унинг эътироф этишича, Ҳайдарова врачларнинг кесерево жарроҳлик йўли билан болаларни она қорнидан чиқариб олиш таклифига рози бўлмаган.
“Жуда машаққатли, жуда қўрқинчли бўлди. Лекин, ҳақиқатан ҳам, онада куч-қувват ва ишонч бор экан. Биз операция қиламиз деб туриб олдик.Она эса “ўзим туғаман”, деб туриб олди. Йўқ, натижа жуда яхши чиқди. Асорат йўқ,” деди шифокор.
Шифокорлар Шаҳноза Ҳайдарова ва фарзандлари шу ҳафта охирига қадар туғуруқхонадан жавоб берилишини билдирди.
Қамаши туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятининг маълум қилишича, бир аёлнинг бирваракайига тўртта фарзанд кўриши Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён нафақат туман, балки Қашқадарё вилоятида ҳам қайд этилмаган.
2013 йил 23 августида Тошкент шаҳри Бектемир туманида истиқомат қилувчи Гулшан Ҳайдарова бирваракайига тўртта ўғиллик бўлганди.
Гулшан ва унинг эри Абдуллажон фарзандлари - Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Каримни боқиш учун ҳокимиятдан етарли ёрдамни ола олмаётганларини билдириши ортидан Озодлик бу оилага ёрдам кампаниясини ўтказган эди.
Орадан уч йил ўтиб Озодлик билан суҳбатлашган Гулшаннинг онаси Раҳима Ҳайдарова невараларининг бугунги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.
Қуйида ушбу суҳбатни тингланг.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди