“Қирғизистонда “Қамбарота-1” ГЭСининг қурилиши Марказий Осиё давлатлари энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлайди”,-деб айтди Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтаётган минтақа давлатлари президентларининг тўртинчи маслаҳатлашув кенгашида сўзлаган нутқида.
Тоқаев Қозоғистон трансчегаравий дарёларнинг сув захираларидан ўзаро манфаатли тарзда фойдаланиш мақсадида қўшма гидроэнергетик лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор билан қарашини урғулади.
“Мана шу контекстдан келиб чиққан ҳолда Қирғизистонда “Қамбарота-1” ГЭСини қуриш қизғин муҳокама қилинмоқда. Кеча биз, уч президент [Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон] бу масалани муҳокама қилдик. Биз дастлабки, конкрет ва жуда фойдали келишувга эриша олдик, деб ҳисоблайман”,-деди Тоқаев.
Уч президент қандай келишувга эришганлари тўғрисидаги тафсилотлар ҳозирча очиқланмади. Аммо Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз нутқи давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон “Қамбарота-1” лойиҳасига инвестиция киритиш ниятини билдирганини олқишлади.
Собиқ президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон мазкур ГЭС қурилишига қаршилик қилиб келган эди. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан расмий Тошкент лойиҳада иштирок этиши мумкинлигини билдирган. 2021 йилнинг мартида Қирзиғистон ва Ўзбекистон ГЭС лойиҳасини ҳамкорликда ишлаб чиқишга киришгани хабар қилинганди.
Иссқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида 20-21 июль кунлари Марказий Осиё давлатлари президентларининг маслаҳатлашув кенгаши бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон президентидан ташқари Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирок этмоқда.
Марказий Осиё давлатлари президентларининг биринчи маслаҳат учрашуви Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилнинг март ойида Остона (ҳозирги Нур-Султон)да ўтказилганди.
Иккинчи учрашув 2019 йилнинг 29 ноябрь куни Тошкентда, учинчиси эса 2021 йил 6 августида Туркманистоннинг Аваз шаҳрида ўтказилган.